
KOMAROV ASTRAGALI
Мақоми 2. Ҳисор тоғининг ғарбий тармоқларида тарқалган камёб тур.
Қисқача тавсифи. Бўйи 1 м га етадиган пўстлоғи қўнғир рангли бута. Баргчалари 6-9 жуфт, чўзиқ ва чўзиқ-думалоқ шаклда, учи бироз ўткир, устки томони деярли туксиз, пастки томони сийрак тукли. Гулпопуги тиғиз, тухумсимон, узунлиги 5 см атрофида. Дуккаги бандсиз, чўзиқ ёки тасмасимон, узунлиги 12-18 мм, эни 4 мм, майда-майда, ўткир учли, қалин ва қора ярим ётиқ ҳамда узун ва сийрак оқ туклар билан қопланган. Июнь-июлда гуллаб, июль-августда мева беради.
Тарқалиши. Қашқадарё вилояти: Ғарбий Ҳисор тизмасининг Кўл ва Шут қишлоқлари теваракларида тарқалган. Тожикистонда ҳам учрайди.
Ўсиш шароити. Майда жинс тупроқли ёнбағирларда тоғларнинг ўрта қисмидаги наъматак ва арчазорларда ўсади.
Сони. Якка-якка ҳолда тарқалган.
Кўпайиши. Уруғидан кўпаяди.
Ўсимлик сони ва ареалининг ўзгариш сабаблари. Аниқланмаган.
Маданийлаштирилиши. Бу ҳақда маълумотлар йўқ.
Муҳофаза чоралари. Ҳисор давлат қўриқхонасида муҳофаза қилинади.
Манбалар. [109,159].
А. С. Эсонқулов.
«O'ZBEKISTON QIZIL KITOBI» © O'R FA ZOOLOGIYA INSTITUTI, 2009